Илмий ишлар
Инглиз тили ўқитиш жараёнида талабаларда когнитив мотивацияни шакллантиришда инновацион ёндашув шакл ва методлари
Ҳар бир йўналишда ўқийдиган ўқув гуруҳлари иккитадан параллел гуруҳларга ажратилиб ўқув режасига асосан бир гуруҳда алоҳида ноанъанавий дарс элементлари киритилган дарс ишланмалари, иккинчисига классик услубдаги дарс ишланмалари асосида дарслар ўтилди. Ноанъанавий дарс элементлари, хусусан муаллиф томонидан ишлаб чиқилган “Парламент аъзоси”, шунингдек, “Мўъжизалар майдони” ноанъанавий дарс турлари биринчи ажратилган гуруҳларда қўлланилди. Дарс мавзулари ҳар иккала гуруҳда ҳам бир хил бўлса-да, биринчи гуруҳларда ўтказилган дарсларнинг биринчи ва иккинчи соатларидаёқ дарсга қўйилган мақсадга эришилганлик натижаси жуда юқори бўлди. Маълумки инглиз тили дарсларини ўтишда ўқитувчи талабаларнинг дарс материалини тўла ўзлаштириши, янги сўз ва сўз бирикмаларини ўрганиши, талаффузини тўғрилашга, матн мазмунини тўлиқ тушунишига, тилга оид грамматик категорияларни ўзлаштиришига, шу билан бирга инглизча сўзларни тўғри ёзиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратади. Янги сўзларни ўрганиш ва имло қоидалари асосида тўғри ёзишга ўргатишда ўқитувчидан тизимлаштирилган ёндошув талаб қилинади.
Шу мақсадда олинган биринчи гуруҳларда “Мўъжизалар майдони” ноанъанавий дарсларида қўйилган мақсадга тўлиқ эришилди. Дарсларни кузатишга кирган ўқитувчилар ва талабалардан олинган дастлабки натижалар таҳлили ҳамда ўтказилган ёзма анкета сўровига биноан когнистик мотивацияси юқори бўлган талабаларни ўқитишда қуйидагиларга эришилди: биринчидан, дарсда ўтирган талабалар фаоллиги юз фойизга кўтарилди; иккинчидан, ўқувчиларда дарсларга бўлган қизиқиш мотивацияси кескин кучайди; учинчидан талабаларнинг чуқур билим олишлари учун ўзларига бўлган ишончлари ортди; тўртинчидан, дарсда талабалар томонидан зерикиш, чарчаш сезилмади; бешинчидан, талабалар шундай дарсларнинг доимий равишда ташкил этилишини хоҳлаётганликларини анкетада ёзма баён қилдилар, чунки талабалар билим олишнинг реал имкониятларидан максимал фойдаланишга интиладилар; олтинчидан, талабаларда изланиш, ўйлаш ва мустақил ҳамда эркин фикр билдиришда дадиллашганликларини маълум қилдилар (мотивациянинг юқори даражада бўлиши); еттинчидан, дарсда авваллари ўзлаштириши паст бўлган талабалар ҳам ўзлари сезмаган ҳолда дарсга фаол аралашиб кетдилар ва савол-жавоблар, топшириқларни бажаришда доимий равишда қатнашиб баҳолари кўтарилганлигини билдирдилар; саккизинчидан, талабаларни баҳолашда кенг қамровлиликка ва адолатли баҳолашга эришилди.
Ушбу дарс турлари интерфаол усулга асосланган бўлиб ўқувчиларда тиғиз мотивацион фаолликни, мустақил изланиш ва эркин ҳамда собит фикрлиликни ривожлантиришга йўналтирилган бўлиб, доимий равишда талабаларни янги сўзларни ўрганиш ва тўғри ёзиш кўникмаларини мустаҳкамлашга катта имкониятлар яратди. “Мўъжизалар майдони ” дарс шаклида масалан, мавзудан келиб чиққан ҳолда чет тилида янги ўрганилаётган, ёзилиши мураккаброқ сўзларни эслаб қолиш ва тўғри ёзишда ўқитувчи доскага бир сўз ёки сўз бирикмаси шаклига мўлжалланган бир неча катакчалардан иборат катта катакни доскага ёзиб қўйиб ўша сўзнинг ўзбекча таржима вариантини айтади.
Инглизчада қандай талаффуз қилиниши ва ёзилишини савол тариқасида ўртага ташлайди ҳамда талабалар ихтиёрий равишда мазкур катакчадаги сўзларнинг ҳарфларини бирма-бир тафаккур юритиб айтган ҳолда ҳарфларни ўз ўрнига қўя бошлайдилар. Буларнинг барчаси илм асосларини онгли равишда ўрганиш – мотивациянинг турғун ва юқорилиги асосида рўй беради. Дарсда ўйин элементи мавжуд бўлса ҳам талабалар жараёнга жиддий ёндошдилар. Ҳарфларни айтиш ва ёзишда кўп фаоллик қилган талабаларга ўқитувчи рағбатлантириш методини қўллаган ҳолда қўшимча бал баҳолари қўйиб боради. Ўқитувчи дарсда ўқитувчи ролидан эксперт ролига ўтади ва натижаларни таҳлил қилиб эълон қилиб боради. Шу тариқа изланиш мотивацияси, эркин фикрлаш кўникмалари ривожлантириб борилади. Шу билан бирга фикрлаш атрофдаги ҳодисаларга қиёсий, танқидий, мантиқий ёндошиш, маълумотларни тўғри баҳолаш, таҳлил қилиш, бошқача айтганда ўз фикрини мустақил юритиш ҳозирги замон ўқувчиларининг муҳим сифати бўлмоғи керак.
Мавзу бўйича педагогик кузатувларимиздан чиқарилган хулосалар шу йилларгача амал қилиниб келинган ўқитишнинг классик усулларидан кўра оригинал педагогик услублардан кенгроқ фойдаланиш, олийгоҳни битирувчи талабаларни юксак малакали, мустақил ва эркин фикрли, турмуш синовларига бардошли, ўз таҳлили ва хулосаларига эга бўлган ёш фуқарони шакллантириш вазифасини шараф билан адо этишни кўндаланг қилиб қўймоқда. Ўқитувчининг дарсга тайёргарлиги, унинг илмий-педагогик салоҳияти, бошқача айтганда унинг профессионализми шу мезондан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Когнистик мотивацияни шакллантиришда мантиқий фикрлашни ривожлантириш омилларидан яна бири дарсдан ташқари ўқишларини ташкил этиш ҳисобланади. Шу билан биргаликда талабаларнинг лексик заҳираларини бойитиш, чет эл адабиёти намуналарини қийналмай ўқишлари учун дарсдан ташқари ўқишларнинг имконияти ва самараси беқиёс. Мустақил ўқиш кўникмаларини ривожлантириш, уларнинг адабий асарларни ўқишга қизиқишларини ошириш орқали ижтимоий ҳаёт муаммоларини мустақил ҳал этишда ҳаётий позицияларини шакллантириш, чет эл адабиётини ўқиш воситасида билимларини кенгайтириш, инглиз тилида қўлланадиган сўзлар заҳирасини кўпайтириш, тафаккур доирасини кенгайтириш ҳамда чуқурлаштириш асосида эркин фикрлаш маданиятини шакллантириш масалалари ўқитувчи олдига катта масъулият юклайди.
Мустақил ўқишга тавсия қилинган асар ҳажми ва синтактик таркиби талабаларнинг тайёргарлиги ва ёш хусусиятларига қараб белгиланади ва улар ўзларининг ўсиб борувчи мураккабликлари билан фарқланади. Талабаларда дарсдан ташқари ўқиш кўникмаларини ривожлантириш орқали уларда илм олишга бўлган мотивация- билим олиш орқали энг яхши ахлоқий фазилатлар ҳам шакллантириб борилади. Институт ўқув режасининг 2 – йилида ва айниқса 3 – йилига келиб инглиз тилида ўртача ҳажмдаги, синтактик таркиби мураккаб бўлмаган асарларни қийналмай ўқий бошлайдилар.
Инглиз тилидаги асар матнига хос бўлган ҳамда талаба учун янги бўлган сўз ва иборалар ҳамкорликда таржима қилиниб тушунчаларга аниқликлар киритилди. Олиб борилган савол-жавоблар ўқувчиларга баён қилинаётган воқеа-ҳодисаларга бўлган муносабатларини белгилашда асар сюжетини ўрганилганлик даражасини ҳамда дарс пайтида ўзлаштириш минимумини ҳам назорат қилиш имконини яратди. Шу билан бирга ўрганилаётган мавзу моҳиятини тушуниш ва воқеалар ривожида узвийлик таъминланиб ўқувчиларда китобни тушуниб ўқиш кўникмаларини мустаҳкамлаб боришга эришилди.
Дарсдан ташқари мустақил ўқишларда талабалар томонидан асар мазмунини эркин муҳокама қилишга имконият берилиб уларнинг шахсий таклифлари асосида дарс мавзулари белгиланди ва ўқитувчи раҳбарлигида суҳбат мазмуни йўналтириб турилди. Ўрганилаётган матн талабалар томонидан ўзининг гапи билан гапиртирилиб асар муаллифининг баён қилиш усулига яқинроқ тарзда ҳикоя қилишга эътибор берилди ҳамда оғзаки баённинг лўнда ва ифодаланиши талаб қилинди. Бунда сўзланаётган матн мазмунининг кенг ва лозим топилганда қисқа баён қилинишига урғу берилди.
Талабаларда когнистик мотивацияга интилиш кўникмалари ва маданиятини ривожлантириш учун дарсдан ташқари ўқишларни тўғри ташкил этиш ва уйғунликда танланган тадбир ҳамда режаларни белгилаш уларда китоб ўқиш маданиятини, билим доираларини кенгайтиради, уларнинг нутқини ривожлантиришга кўмаклашади. Энг муҳими, мустақил ўқиш орқали эркин фикрлаш маданияти шакллантирилади ва мустақил ўқишга рағбатлари оширилади.