УСТОЗ ҲИММАТИ - ШОГИРДЛАР ЗИЙНАТИ
Сўнгги 6-7 йилда мамлакатда таълим-тарбия тизимининг кенг қамровли, кафолатланган сифати ва самарадорлигини ошириш, мактаб ўқувчилари ва олийгоҳ талаба ёшларида замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, таълим тизимлари ҳамда илм-фан соҳаси ўртасида яқин ҳамкорлик ва интеграцияни, унинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, миллий таълим-тарбия тизимининг амалдаги ҳолати, келажаги, уни замон талаблари асосида модернизация қилиш, ёшларни юксак билим-маърифат эгалари, жисмоний ва маънавий соғлом, рақобатбардош кадрлар, етук инсонлар этиб тарбиялаш, таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари нуфузини ошириш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича ҳам жуда изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, таълим жараёнларида миллий қадриятлага очиқлик механизими жорий қилинганлиги фаолият шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Янги Ўзбекистонда инсон қадри, унинг меҳнатларини эътироф қилиш куннинг муҳим ва долзарб мавзусига айланди. Шу ўринда устозлар меҳнати ва уларни хотирлаш, босиб ўтган умр йўлларидан ибрат фалсафасини туйиш ёшлар учун муҳим сабоқдир.
Барчамизга маълумки, устоз-шогирдлик анъанаси муқаддас манбаларда нодир хазина, бебаҳо ва ноёб дуру жавоҳирлар жам бўлган макон дея таърифланган. Ўқитувчи инсон руҳиятини комиллик манзиллари сари етакловчи, покловчи маърифат сарбонидир. Ундан инган маънилар, кечинмалар хаёлингни тоблайди, руҳингни тозартиради, жонингни қувватлайди. Агар, устоз фикр устаси, тафаккур санъаткори ёхуд сўзга руҳ бахш этиб, учқур хаёлингни илму урфон ила тарбият қилиш маҳоратига эга бўлса борми, шогирднинг ақл қўрғони, шуури чархланиб юксак парвозлар сари чоғланади. Бугун биз дунё университетлари билан беллаша оладиган, нуфузи жаҳон таълим майдонида эътироф этилишига салмоқли улушини қўша олган, ирригация таълимида ўзига хос мавқега эга бўлган иқтисод фанлари доктори, профессор Умрзоқов Ўктам Пардаевич яратган маҳорат мактаби ҳақида ана шундай эътироф қиламиз ва уларни соҳанинг илмий кашфиётчиси деб биламиз. Етук олим томонидан яратилган назарий-амалий меросни, ардоқлаймиз ва эъзозлаймиз.
Етук олим Умрзоқов Ўктам Пардаевич мамлакатимиз таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини такомиллаштиришда, жамиятимизда ўқитувчи ва педагог ходимлар, илмий ва ижодкор зиёлиларга бўлган ҳурмат-эътиборни янада оширда ўзларининг салмоқли ҳиссасини қўша олди. Улар томонидан яратилган олий таълим, мактаб ва ўрта махсус касб – ҳунар таълими узлуксизлиги - мақсадли ва манзилли катта тажриба майдонига айланди.
Бунда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида олий таълим, мактаб ва ўрта махсус касб – ҳунар таълими узлуксизлиги, таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида назария ва амалиёт лабораторияси вужудга келди.
Олим томонидан дунёда тан олинган ирригация муҳандислиги соҳасидаги янги инновациялар Ўзбекистон тараққиёти, янги ташаббус ва ғояларига ҳамоҳанг тарзда келажакка бўй чўзди. Мазкур илмий, назарий ва амалий ишларни амалга оширишга қодир бўлган, интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак янги авлод кадрларини тайёрлаш узлувийлиги, мактаб битирувчиларига замонавий касб эгалари бўлишлари учун зарур кўникма ва билимларни шакллантириш масаласи, улар ҳали мактабда ўқиётган даврларидаёқ тўғри танлов қилишга йўналтирилишига эътибор қаратилди.
Устоз раҳбарлигида жаҳон миқёсидаги бугунги тезкор глобаллашув жараёнларида кескин рақобатга бардош бера оладиган миллий таълим тизимининг асосий босқичларидан бири олий таълимга, катта ҳаётга йўл мактаб остонасидан бошланади тамойилига мувофиқ тизимлаштирилиши муваффақиятли йўлга қўйилди. Шу ўринда дарслик ва ўқув қўлланмаларини узвийлик ва узлуксизлик асосида замон талабларига мос такомиллаштириш, уларнинг янги авлодини яратиш, ўқув дастурлари ва стандартларини оптималлаштириш масалалари методолгияси ишлаб чиқилди. “Олий таълим таълимдан маҳорат сабоқлари” мавзусидаги белгиланган Тошкент вилоятининг Пискент тумани ва Нурафшон шаҳридаги мактабларига амалий кўмак берилиши йўлга қўйилди. Бу маҳорат мактаби бугунги кунда миллий тадқиқот университети профессор-ўқитувчилари томонидан мунтазам ва самарали ҳамкорлик меморандумлари орқали фаолият юритади.
Шу ўринда Миллий тадқиқот университети таълимнинг барча бўғинлари қамрови доирасида “Таълим муассасалари ҳамкорлиги” яъни боғча, мактаб, академик лицей, касб-ҳунар коллежи таълим узвийлиги яхлит механизми сифатида ўз фаолиятини амалга ошириб келмоқда.
Маълумки, муаллимлик санъати ўқувчилар қалбида қизиқиш уйғотиш, сўнг бу талабни мукаммал қондиришдир. Умрлар бўладики, тоабад мангуликка муҳрланган. Ана шундай умрлар чиройини, безайдиган, абадийлик мақомини ўзида мужассам этган касблардан бири устозодаликдир. Устозлик мартабаси, меҳру муҳаббати илоҳийдир. Бир донишманддан, “Яхши ўқитувчи билан буюк ўқитувчининг фарқи нимада?”- деб сўрашганида, шундай жавоб берган экан. Яхши ўқитувчи толибу илмнинг қобилиятларини сўнгги чегарасигача ривожлантиради. Буюк ўқитувчи эса бу чегарани бир қарашдаёқ кўра олади. Дарҳақиқат, педагог-олим Ўктам Пардаевичга мана шундай қобилият берилган эдики, шогирдлар билан жуда тез фикр алмашиб, тезкор қарор чиқаришларига кўмак берар эдилар. Бундай катта олимлар, етук лидер бошқарувчилар ҳақида “Ностандарт фикрлаш” тушунчаси мавжуд бўлиб, бу кишиларнинг одатий фикрлаш тарзига номувофиқ, ғайриоддий фикрлаши, ноодатий усул ва йўллар билан хулосалар чиқариши; вазиятдан чиқишнинг ҳатто ғайритабиий, аммо энг мақбул муқобилларини излаб топиш, масалалар ва ҳодисаларга нисбатан ҳар доим ижодий фикрлаш орқали ёндашиш кўникмасидир. Дарҳақиқат, иқтисодиёт соҳасида ва бир вақтнинг ўзида етук феномен Ўктам Пардаевич ностандарт фикрлаш кўникмасига эга шахс бўлиб, бунга йиллар давомида мунтазам салоҳиятини ошириб бориш ёрдамида эришган бўлсалар ажаб эмас. Ҳар қандай кучли бошқарувчи, иқтидор эгаси ностандарт фикрлаш тарзи маҳсулидир. Одатий фикрлаш тарзи кишидаги иқтидорни юзага чиқармайди, унинг ижодий, интеллектуал ва илмий салоҳиятининг ривожланишига тўсқинлик қилади. Оқибатда, қанчалик иқтидор ва салоҳият эгаси бўлмасин, одатий фикрлаш тарзига кўниккан инсон нари борса бой информацион базага эга “билимли ўқитувчи” ёки “ходим”дан нарига ўта олмаслиги мумкин.
Зеро фикрлаш, тафаккур юритиш бу бизнинг муваффақиятларимиз ёки аксинча муваффақиятсизликларимизнинг энг муҳим шартларидан биридир. Тафаккур юритишга ҳаракат қилган инсон, ҳеч шубҳасиз, ўзи интилаётган сўнгги даражадаги бахт-саодатга эриша олади” – дейди буюк файласуф Абу Наср Форобий. Бир сўз билан айтганда, Ўктам Умрзоқов мана шундай мақомни қўлга кирита олган етук олим эдилар. Иқтисодиёт илмини мукаммал билганлигиданми, улар вақтнинг қадрига етар, шогирдларга жуда талабчан эдилар. Ҳар доим ўқитиш учун икки карра ўрганиш зарур эканлигини таъкидлашдан чарчамас устоз ўзлари ҳам доим янги билимлар ўрганишга катта иштиёқ билан қарар, олтинга тенг дамларнинг қадрини баланд билар эдилар. Шогирдлар илми йўлидаги зарурий юмуш, бу ибрат намунаси ҳисобланади, бироқ ўзимиз ҳам улардан яъни шогирдларимиздан ўрганишимиз ғоят фойдали эканини англашимиз керак дея, ибратли мисоллар билан ҳаёт ҳақиқатини баралла айта олган меҳри дарё, беназир устозни фахр билан ёд олар эканмиз, хотиралар гирдобида узоқ манзилларга ва улуғ мақсадларга кўз тикканмиз. Устоз учун энг катта шодлик – шогирдларнинг камолотидир.
Ўктам Умрзоқовнинг илмий ижодидаги анъаналарини давом эттириш, навқирон ёшлар, илм аҳли ҳамда истеъдоди, иқтидорли талабалар учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Устоз қолдирган бой илмий мероснинг аҳамиятини ёш авлод қалбига сингдириш, уларда ватанга бўлган муҳаббат, садоқат, аждодларимизнинг маънавий мероси билан фахрланиш ва ифтихор туйғуларини юксалтириш йўлида хизмат қилади.
Н.Юлдашева п.ф.н.доцент
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси